Ўзбекистон резидентларига криптовалютани биржаларда сотиб олишга рухсат берилди

Ўзбекистон резидентлари криптоактивлар ва токенлар билан барча турдаги операцияларни сўмда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 ноя – Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати мамлакат резидентларига криптоактивлар ва токенлар ёрдамида биржада савдо-сотиқ қилишга рухсат берди. Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг тегишли буйруғи билан криптобиржаларни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга бир қатор ўзгаришлар киритилди.
Энди Ўзбекистон резидентлари криптоактивлар ва токенлар билан барча турдаги операцияларни миллий валютада (сўмда) амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бироқ норезидентларга криптоактивларни фақат хорижий валютага сотишлари мумкин.
Шунингдек, ўзгартиришлар токеннинг тарифларини ва у билан бир қатор операцияларни, жумладан, токенлар эмиссияси, жойлаштириш ва рўйхатга олишни ўз ичига олган. Токенларни инвестиция ва молиялаштиришни жалб қилиш учун тегишли рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари чиқариши мумкинлиги аниқланди.
Ўзбекистон крипто-биржаларида сотиладиган барча токенлар мулкий таъминотга эга бўлиши керак. Мулкий таъминотга эга бўлмаган токенларни чиқариш ва жойлаштириш тақиқланади.
Қолаверса, криптобиржалар ўзларининг токенларини жойлаштирган ташкилотларни ва уларнинг мулкий хавфсизлиги бор-йўқлигини текширишлари шарт. Шунингдек, жалб қилиниши режалаштирилган сумманинг камида 10 фоизи криптобиржасининг махсус ҳисоб рақамига киритилиши керак.
Қайд этиш жоизки, шу пайтгача криптовалюта савдоси билан шуғулланиш учун Ўзбекистонда тўлақонли ҳуқуқий асослар мавжуд эмас эди.
Резидентлар дейилганда кимлар тушунилади:
Ўзбекистон фуқаролари;
Хориж фуқаролари ва мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқига эга фуқаролиги йўқ шахслар;
Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар;
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик иммунитети ва имтиёзларидан фойдаланувчи дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари, шунингдек, хорижда хўжалик ва тижорий фаолиятни амалга оширмайдиган маҳаллий ташкилотларнинг ваколатхоналари.