Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллион кишидан ошди

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, уларнинг сони йил юошидан буён 4,7 фоизга кўпайган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 2021 йил 1 ноябр ҳолатига 4 млн кишини ташкил қилди.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, уларнинг сони 2021 йил 1 январ ҳолатига нисбатан 178,6 минг нафар (4,7 фоиз)га кўпайган.
Шундан, 2,9 млн киши (74,1 фоиз) ёшга доир пенсияни (бундан, 1,8 млн киши ёки 64 фоизи аёллар), 397,6 минг киши (9,9 фоиз) ногиронлик пенсиясини (163,5 минг нафари ёки 41,1 фоизи аёллар), 198,6 минг киши (5,0 фоиз) боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оилалар ва 440,8 минг киши (11,0 фоиз) нафақа олувчи таркибига киради.
2021 йил 1 январ ҳолатига нисбатан ёшга доир пенсия олувчилар сони 117,7 минг киши (4,1 фоиз)га, ногиронлик пенсиясини олувчилар сони 11,0 минг киши (2,9 фоиз)га, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оилалар сони 9,6 минг оила (5,1 фоиз)га ва нафақа олувчилар сони 40,2 минг киши (10,0 фоиз)га ортган.
Махсус пенсия Telegram-боти ишга туширилди
2021 йилнинг январь—октябрь ойларида 327,5 минг нафар фуқарога янги пенсия ва нафақалар тайинланган.
Шундан, 215,1 минг нафарига ёшга доир пенсия, 29,9 минг нафарига ногирон шахс сифатида пенсия, 19,6 минг оилага боқувчисини йўқотганлик пенсия ва 62,9 минг нафарига нафақалар тайинланган.
Қайд этилишича, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 57,9 минг нафар ёки 21,5 фоизга кўп.