Энди мактабда олинган якуний баҳолар ОТМга киришда ҳисобга олинади

Баҳоларнинг ўртача кўрсатгичи 6-11-синфлардаги ёки 6-9-синфлар ва 1-2-босқичлардаги йиллик баҳоларнинг умумий йиғиндисини ўқитилган фанларга бўлиш орқали чиқарилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда энди абитуриентларнинг мактабдаги баҳолари олий таълим муассасаларига киришда ҳисобга олинади.
Бу Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Таълим ташкилотлари битирувчилари баҳоларининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаш ва уни олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби тўғрисидаги низомда белгилаб қўйилди.
Низомга мувофиқ, мактаб битирувчиларининг шаҳодатномасидаги 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ОТМга киришдаги балга қўшилади. Баҳолар электрон платформалар орқали ҳисобланади ва ДТМнинг “ABITUR” дастурига юборилади.
Баҳоларнинг ўртача кўрсатгичи 6-11-синфлардаги ёки 6-9-синфлар ва 1-2-босқичлардаги йиллик баҳоларнинг умумий йиғиндисини ўқитилган фанларга бўлиш орқали чиқарилади.
Максимал балл 100 фоиз деб олинади ва баллар баҳо тизимига қуйидагича ўтказилади:
86-100% учун – 5 баҳо;
71-85% – 4 баҳо;
56-70% – 3 баҳо ва 56%гача – 2 баҳо.
Ушбу тартиб 2022/2023 йил ўқув йилидан қўлланилади.