Путин Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик истиқболларини баҳолади

Тошкент ва Москва ҳамкорлиги Ўзбекистон фуқароларининг фаровонлигини оширишга ёрдам беради - Путин
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Москва ва Тошкент ҳамкорлиги Ўзбекистон фуқароларининг фаровонлигини оширишга ёрдам беради, деди Россия президенти Владимир Путин.
“Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлигимиз Ўзбекистоннинг имкониятлари ўсиши, мамлакат фуқароларининг фаровонлигини оширишга хизмат қилишига аминман”, - деди Россия етакчиси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида.
Кремлда Путин ва Мирзиёев учрашуви бошланди - видео
"Ўзбекистон шунчаки энг яқин қўшнимиз эмас, балки иттифоқчи ҳамдир – биз Ўзбекистонга айнан шундай муносабатда бўламиз. Тарихан ҳам, бугунги кунда ҳам кўп нарса билан бизни боғлайдиган йирик минтақавий давлат", - деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон умумий савдо айланмасининг 18 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Савдо айланмаси ўсиб бормоқда: пандемияга қарамай, ўтган йили у 15 фоиздан ортиқ ўсди.
"Бу жуда яхши кўрсаткич, ҳатто оғир пайтларда ҳам биз ўзаро алоқадамиз ва муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқдамиз", - деб қўшимча қилди РФ етакчиси.
"Россия томонидан яхши миқдорда инвестициялар - 10 миллиард доллардан ортиқ. Қизиқарли лойиҳалар мавжуд бўлиб, бугунги кунда ҳам минтақавий, ҳам давлатлараро миқёсда - барча йўналишларда ишлар давом этмоқда. Бу иқтисодиёт, гуманитар алоқалар ва транспорт инфратузилмасига тааллуқли", - деди Владимир Путин.