ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон орасида биринчи “Агроэкспресс” душанба куни йўлга чиқди, деб хабар қилди Россия иқтисодий ривожланиш вазирлиги максим Решетников.
Янги темир йўл транспорти икки давлат орасида тезлаштирилган тартибда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб беришни назарда тутади.
“Душанба куни биринчи состав Россия маҳсулотлари билан Ўзбкистонга қараб йўл олди. Ноябрь охирида унинг ҳўл мевалар билан ортга қайтишини кутмоқдамиз”, - деди Решетников Москвада бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Россия форумида.
Россия вазирининг сўзларига кўра “Агроэкспресс” лойиҳаси Россия Экспорт маркази, Россия Темир йўллари кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳага Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон темир йўл компаниялари интеграция қилинган.
“Агроэкспресс”нинг мақсади – 2030 йилга қадар Россия ва Ўзбекистон орасида темир йўл транспорти орқали товарлар алмашинувини 1 миллион тоннага етказишдир.
“Ушбу лоийҳа ортида нафақат мамлакатларимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, балким муайян ҳудудларни ривожлантириш вазифаси ҳам турибди”, - деди Решетников.
“Агроэкспресс” лойиҳасини амалга ошириш доирасида дастлаб ҳукуматлар орасида йўналиш белгиланади, кейин алоҳида ҳудудлар учун логистика ва тақсимот марказлари қурилади. Шундан сўнг имкон қадар кўпроқ етказиб берувчилар занжирини жалб этиш ва маҳсулот алмашув ҳажмини ошириб бориш режалаштирилган.
Келажакда "Агроэкспресс" лойиҳаси қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тезкор етказиб бериш бўйича Хитой, Туркия ва МДҲ давлатларини бир-бири билан боғлаши режалаштирилмоқда.
Биринчи "Агроэкспресс"Ўзбекистонга нима олиб бормоқда?
Биринчи “Агроэкспресс” 15 ноябрь куни йўлга чиққан эди. У Ўзбекистонга музлатилган товуқ гўшти олиб бормоқда. Гўшт ишлаб чиқарувчиси Россиянинг етакчи экспорт компанияларидан бири - “Ресурс” гуруҳидир. Маҳсулот вагон-рефрижераторларда олиб борилмоқда. Тезюрар поезд Тамбов шаҳридаги “Цна” станциясидан Тошкентдаги “Сергели” станциясигача боради.
“Биринчи партия – бу синов бўлиб, унинг доирасида “Агроэкспресс” технологиясини текшириб кўриш, барча расмий жараёнларни қисқартириш режалаштирилган. Келажакда ушбу йўналишда доимий юк ташишни йўлга қўйилади”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, "Агроэкспресс" лойиҳасини ташкил қилиш бўйича шартнома 2021 йилинг июнь ойида РЖД ва Ўзбекистоннинг Uzagrologistics Centers компанияси орасида имзоланган эди. Унга кўра қишлоқ хўжалик маҳсулотлари Россия ва Ўзбекистон орасида имкон қадар тезроқ (5 кундан узоқ бўлмаган муддатда) ҳаракатланиши учун “яшил йўлак” ташкил этилади.