ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Бугун, 17 ноябрь куни соат 17:10 ларда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Хасково” подстанциясида қисқа туташув натижасида ўчиш содир бўлди, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Бунинг натижасида Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтаҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминоти узилишлар кузатилмоқда.
Ҳозирда Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг аварияга қарши махсус бригадалари томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишлари қисқа вақт ичида якунланади ва электр энергияси таъминоти тикланади.