ТОШКЕНТ, 17 ноя – Sputnik. Жорий йил охиригача Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда икки мамлакат раҳбарининг телефон орқали мулоқотида маълум қилинди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев ва Қасим Жомарт-Тоқаев Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шерилик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишган.
Суҳбатда амалий ҳамкорликни илгари суриш, энг аввало, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, бошқа устувор йўналишларда узоқ муддатли кооперация лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Оқўрда хабарига кўра, Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларига амалий туртки бериш мақсадида суҳбатдошлар жорий йил охиригача Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришишган.
Шу муносабат билан икки давлат ҳукуматларига бўлажак олий даражадаги музокараларни сифатли мазмун билан ўтказишни таъминлаш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2017 йил мартида расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлган эди. Қасим-Жомарт Тоқаев 2019 йил апрелида давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган эди.