Ўзбекистон Миллий атласи яратилди

Миллий атлас 416 та хариталарни ўзида жамлаган 2 жилддан
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 ноя – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан биринчи маротаба Ўзбекистон Миллий атласи яратилди. Бу ҳақда Кадастр агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Миллий атлас 416 та хариталарни ўзида жамлаган 2 жилддан иборат бўлиб, Ўзбекистоннинг барча соҳаларини картографик ва матнли кўринишда тавсифловчи фундаментал илмий-маълумотнома асари ҳисобланади.
Атласда мамлакатнинг табиий-географик ўрни ва умумий хусусиятлари, табиий шароити ва табиий ресурслари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, аҳолиси, ижтимоий ва иқтисодиёт соҳалари ҳамда тарихи акс эттирилган.
Миллий атлас Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва "Картография" давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонасининг 100 дан ортиқ мутахассислари, Фанлар академияси олимлари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳамда олий таълим ва бошқа илмий мақомга эга бўлган ташкилотлардан жалб этилган экспертлар ҳамкорлигида яратилган.