Ҳокимликларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига аралашуви тақиқланади

Ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ғалла етиштирувчилар фаолиятига аралашуви тақиқланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Ғалла ҳосили учун минимал нарх маълум қилинди
Қарорга мувофиқ, 2022 йилдан экишга тавсия этилган буғдой навлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мустақил жойлаштирилади.
2022 – 2024 йилларда кластерлар ва фермерлар етиштирган ҳосилининг ғалла экилган ҳар гектар майдон ҳисобидан ўртача 2,5 тоннадан буғдойни эркин биржа савдолари орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотади.
Ҳар йили 1 августгача буғдойнинг келгуси йил ҳосили учун кутилаётган индикатив нарх ОАВда эълон қилинади.
Давлат бошқаруви органлари, ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига қуйидагилар тақиқланади:
- имтиёзли кредитлардан фойдаланиш йўналишларига аралашиш;
- буғдойни сотиш, шартномалар тузиш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувларга аралашиш;
- ғаллачилик кластерларига чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларни қўшиш тўғрисида ёзма ёки оғзаки тартибда кўрсатма бериш.
2021 – 2022 йилларда “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги дон корхоналари тадбиркорларга сотилади.