ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. "Лазги муҳаббат ва қалб рақси" балетининг халқаро премьераси 27 ноябрь куни Dubai Opera саҳнасида Ўзбекистон кунлари доирасида бўлиб ўтади.
Шу кунларда БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган "Expo-2020" тадбири бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон ҳам ўзинин халқаро миқёсда муносиб тақдим этмоқда. Хусусан нуфузли халқро танловлар лауреати Бехзод Абдураимовнинг чиқишлари ҳам режалаштирилган.
Ундан ташқари "Expo-2020"даги "Ўзбекистон" павильонида ўзбек миллий таомларини татиб кўриш имкони ҳам мавжуд.
Шунингдек, кўргазмада Ўзбекистоннинг иқтисодий ютуқлари, инвестицион имкониятлари ҳамда ривожланиш дастурлари намойиш этилади. “Expo-2020” доирасида Ўзбекистон маданий дастурининг расмий ҳамкори сифатида Республика маданият ва санъатни ривожлантириш фонди иштирок этмоқда.
Маълумот учун, EXPO 2020 Dubai ушбу йилнинг 1 октябрида бошланиб 2022 йилнинг 31 мартига қадар давом этади. Тадбирга бутун дунёдан 25 миллион киши келиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган IХ Халқаро маданият форумида Ўзбекистон Республикасининг иштироки доирасида "Лазги муҳаббат ва қалб рақси" балети Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва Пермь шаҳарларида ҳам намойиш этилади.