ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари иштирокида “Ҳамкорлик-2021” қўшма машғулотлари бўлиб ўтади.
Машғулотлар Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги полигонда 17 ноябрдан 24 ноябрга қадар бўлиб ўтади.
“Қўшма машғулотлар мақсади – вазифаларни бирга ҳал қилиш чоғида икки қардош давлат қуролли кучларининг мослиги ва биргаликдаги ҳаракати даражасини ошириш”, - дейилган Қозоғистон Мудофаа вазирлиги хабарида.
Машғулотларда юздан зиёд ҳарбий хизматчилар қатнашади. Су-30СМ қирувчилари, С-295 ҳарбий-транспорт самолётлари ҳамда тактик учувчисиз учар қурилмалари жалб қилинади.
Ҳарбийлар ўзларининг қидирув-разведка ишларини олиб бориш маҳоратлари намойиш этишади, душманнинг илғор отрядларини йўқ қилишда жанговар қўриқлаш хатти-ҳаракатларини яхши ўрганиб олишади.
Бундан ташқари, улар ноқонуний қуролли гуруҳларнинг ҳужумини қайтариш ва уларни йўқ қилиш малакаларини оширишади. Жанг майдонида яраланганлар ва ишдан чиққан техникаларни олиб чиқиш кўникмаларини мустаҳкамлашади.
Аввалроқ Қозоғистонда “Қалқон-2021” ўзбек ва қозоқ ҳарбийлари иштирокидаги машғулотлар бўлиб ўтган эди.