ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. Ўзбекистон таълим делегацияси 16-17 ноябрь кунлари Москва шаҳрида ташкил этиладиган Россия-Ўзбекистон иккинчи таълим форумида иштирок этади.
“Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси анъанага айланган Россия-Ўзбекистон иккинчи таълим форумида иштирок этиш учун Москвага жўнаб кетди”, - дейилган Олий таълим вазирлиги хабарида.
Форумда икки давлат таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик борасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия-Ўзбекистон биринчи таълим форуми 2018 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган эди. Форум якунлари бўйича 130 га яқин битим имзоланган.