ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Қирғистонлик чегарачилар Ўзбекистон билан чегарадаги контрабандачиларни тўхтатиш учун қурол иштатишга мажбур бўлишди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон мамлакат миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Акси туманининг Таза-Суу ҳудудида чегарачилар Ак-Добо қишлоғининг 50 нафарга яқин аҳолисини аниқлашган.
“Улар майда шохли қорамолларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб ўтишга уринишган. Бу пайт чегарадош томонда контрабандачиларнинг шериклари подани кутиб туришган”, - дейилган хабарда.
Контрабандачилар чегарачиларнинг қорамол ўтказишни тўхтатиш тўғрисидаги талабларини эътиборсиз қолдиришган. Шунинг учун ҳарбийлар қуролдан фойдаланишга мажбур бўлиб, ҳавога уч марта ўқ узишган.
Воқеа жойига Ала-Бука чегара отряди командири ва Акси тумани ИИБ ходимлари етиб келишган. Улар қонунбузарлар билан суҳбат ўтказишган, шундан сўнг аҳоли тарқалган.
Кейинроқ худди шу ерда чегарачилар Ўзбекистон ҳудудига ўтказиш учун ўз машинасига 16 бош майда шохли қорамолни юклаган 27 ёшли қирғизистонликни қўлга олишган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қорамол нархи 190 минг қирғиз сомини (24 млн сўм) ташкил этади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати вакиллари контрабандага қарши курашишга оид тадбир ўтказишган. Ҳозир чегарадаги вазият барқарор.