ТОШКЕНТ, 11 ноя —Sputnik, Павел Сурков. Бугун бутун дунё Фёдор Михайлович Достоевский таваллудининг 200 йиллигини нишонламоқда. Рус ёзувчилари орасида бошқа тилларга энг кўп таржима қилинадиган, демак энг кўп ўқиладиган, оммавий ва таниқлиси – сўзсиз Достоевскийдир.
Фёдор Михиайлович асарларининг долзарблиги бугун ҳам ошган бўлса ошган-ки, камайгани йўқ. Аксарият Достоевскийни XIX асрнинг бош танқидчиси, қадриятлар қўриқчиси ва бош насиҳатгўйи деб билади. Лекин бугун биз ёзувчи билан ўткир сатира устаси ва детективлар муаллифи сифатида танишамиз.
Олимлар ва пубилицистлар Достоевский образини таҳлил қилганда аксарият ҳолларда у киши ижодининг маънавий ва ижтимоий томонларига асосий эътиборни қаратишган. Дарҳақиқат бу соҳада айтадиган гапнинг ўзи қолмаган: Фёдор Михайлович матнларидаги барча фалсафий тубмаънолар адабиёт критиклари томонидан топилган ва батафсил таҳлил қилиб бўлинган.
Лекин даҳо ижодининг беллетристик, сатирик жиҳатлари профессионал таҳлилчилар назаридан четда қолмоқда. Ваҳоланки, ёзувчининг дунё миқёсида тан олинишида унинг асарларидаги воқеалар занжири (сюжет, фабула) ҳам жуда катта рол ўйнаган.
Фёдор Михайлович ўз асарлари учун адабий услуб танлаганда бир нарсани жуда яхши тушунган. Ўқувчига нима билан тугаши номаълум бўлган, қизиқарли воқеалар занжири керак. Яхшилаб қараса, Достоевский асарларининг аксарияти – детективлардир.
Масалан “Жиноят ва Жазо” – бу шунчаки детектив эмас. Биз бир қотилликнинг гувоҳи бўламиз, сўнгра ушбу жиноятнинг очилишини гувоҳи бўламиз ҳамда жиноятчининг пушаймон қилишини ҳис қиламиз. Муаллиф бизни гўёки жиноятчи танасининг ичига солиб қўйгандек туюлади...
Георгий Тараторкин в роли Раскольникова
© Sputnik / РИА Новости
Достоевский буни Ғарбда ана шундай услубда ёзилган детективлар пайдо бўлишидан анча олдин ёзган. Агата Кристининг " Роджер Экройднинг ўлдирилиши" романи жиноятни содир этган киши номидан ёзилган бирнчи асар бўлган эди.
Мукаммал ёзувчилик қобилиятига эга бўлган Достоевский жиноятчи образини шунчалик маҳорат билан тасвирлайди-ки, ўқувчи Раскольниковнинг ҳис-ҳаяжонга бой ички дунёсини ўзида ҳис қилади, унга раҳми келади ва қарияни нима сабабдан ўлдирганини жуда яхши тушунади.
Ёзувчининг бошқа асарларини ўқиган одам ҳам худди ана шундай ҳис қилади: “Телба”да – биз воқеалар кетма-кетлиги қотил Рогожиннни қай тарзда ортга қайтмас нуқтага олиб келганини кўрамиз. “Жинлар”да эса террорчи гуруҳ аъзолари билан яқиндан танишамиз. “Ака-ука Карамазовлар” эса – идеал тузилган суд детектив - ҳар бир қаҳрамонда ўз отаси қотили бўлиш учун етарлича мотивация бор.
Юрий Яковлев в роли князя Мышкина на съемках кинофильма "Идиот".
© Sputnik / РИА Новости
Албатта, тажрибали адабиётшунос бундай нуқтаи назарни менсимаслиги ёки кни юзаки деб аташи мумкин. Чунки Достоевский асарларида ҳар доим маънавий қадриятлар воқеликдан устун турган.
Лекин ҳар қандай ўқувчи китоб ўқиганда биринчи навбатда сюжет ортидан боради, муаллифнинг чуқур мулоҳазалари эса унга кейинчалик аста-секин очилади. Сюжет яратишда Достоевскийнинг усталигига эса умуман ҳеч ким шубҳа қилмайди.
Ёзувчининг ўзи ҳам буни жуда яхши билган ва ўз замондошлари орасидаги рақиблари билан баъзида ўз асарларида “ҳисоб-китоб” қилган. Ана шунда кўз олдимизда мутлақ нотаниш бўлган ўткир тилли сатирачи Достоевский пайдо бўлади. Масалан, унинг”Тимсоҳ” номли ҳикоясини олайлик – жуда кулгули ҳикоя. Унда бир кичик амалдор ҳайвонот боғига боради ва у ерда тимсоҳнинг шу қадар жиғига тегадики охир оқибат тимсоҳ уни ютиб юборади. Тимсоҳнинг қорнига тушган амалдор у ерда ўзини жуда яхши ҳис қилади ва ўша ердан туриб гаплаша бошлайди.
Худди шундай ориққина, “ушлаган жойини узиб олувчи” кўзойнакли амалдор образида Достоевскийнинг замондошлари Чернышевскийга пародияни кўришади. Ёзувчи эса бу айбловларни рад этиб ҳеч кимни назарда тутмаганини айтади.
Портрет Чернышевского
© Sputnik / В. Киселев
Балким ҳақиқатдан ҳам бу Чернышевский бўлмаган, эҳтимол ўша вақтларда ҳам реал ҳаёт ҳақида яхши билмасдан туриб ғарбий турмуш тарзини мақтаб ҳаммага ақл ўргатадиган майдакаш амалдорларнинг қандайдир йиғма образи бўлган. Ёзувчи қаҳрамони ҳам тимсоҳ қорнидан соғ омон чиқиб яна ҳаммага ақл ўргатишда давом этади.
Драматург ва адабиётшунос Юрий Тынянов Достоевский асарларида ҳатто қария Гогольнинг ҳам пародиясини топган. Достоевский уни машҳур Фома Опискин образида акс эттирган.
Портрет писателя Н.В.Гоголя
© Sputnik / Юрий Кавер
ФомаОпискин – “Степанчиково қишлоғи ва унда яшовчилар” асарининг қаҳрамони. У ўзини жуда яхши кўради, ҳаммага яшашни ўргатади, бир вақтлар ёзувчи бўлишни орзу қилган, лекин танқидга учраб ҳеч нимага эриша олмаган. Шундан бери ҳар қандай муваффақиятни кўрганда ўзидан заҳар чиқарадиган бўлиб қолган киши. Айримлар ушбу образда қариган Гогольни кўришлари бежиз эмас. Адабиётшунослар ёшликда Гогольнинг мухлиси бўлган Достоевский ушбу асарини ёзганидан сўнг унда “Гоголь даври тугаган” дейишади.
Ёки “Жинлар” асарида ёзувчи Кармазинов образи. Бунда қаҳрамон ўзининг "Merci" ҳикоясини ўқиб беради. Унда жуда кўп табиат манзаралари, биринчи муҳаббат ҳақидаги хотиралар, турли хорижий бастакорларнинг исмлари санаб ўтилган. Бу образда кўпчиллик Иван Тургенев карикатурасини кўришади.
Достоевский ва Тургенев муносабатлари оддий бўлмаган. Улар омма олдида ўзаро келишмовчиликларни намойиш қилишмаса-да, адабиёт соҳасида бир-бирларини танқид қилиб туришган. Бир сафар Достоевский Тургеневдан қарта ўйинида ютқазган Достоевскийга қарз ҳам бериб турган. Достоевский эса карзни жуда кеч қайтарган. Лекин “Жинлар” асарини ўқиган Тургенев Кармазинов образи унга карикатура қилинганини пайқайди ва Достоевский билан муносабатлари янада бузилади. Лекин Достоевский муносабатларни яхшилашга уринади.
Фёдор Достоевский биографиясининг ушбу томонлари унда янада чуқур ва ёрқин классик ёзувчи образини яратади. Бунда биз у билан нафақат “оммавий ақл ўргатувчи ва насҳатгўй” образида, балким бироз хаёл сураётган, ёрқин ва ўткир сўзли ёзувчи сифатида танишамиз.
Портрет И.С. Тургенева братьев Курнаковых (репродукция)
© Sputnik / РИА Новости
Достоевскийнинг ўз замондошларига бироз ноқулай, баҳсли ва тушуниш қийин бўлган образи унинг бугунги кунда ҳам эскирмаётган долзарблигидан дарак беради. Ёзувчи ижодининг шундай қатламлари борки, уларни ўрганиш учун янги изланишлар янги ўқувчилар диққати ва албатта тушуниш керак.
Бизда бугун ҳам Достоевский ижодида кашф қилишимиз мумкин бўлган, у билан баҳслашишимиз мумкин бўлган мавзулар бор. Ёзувчининг ўзи ҳам бунга ҳар доим тайёр бўлган ва танқидий қарашлардан ўзини четга тортмаган. Ундан ташқари ёзувчи уларга тўғридан-тўғри ўз асарларида жавоб бериш имконига эга бўлган. Сюжет устаси, яна нима ҳам дейиш мумкин!