Кўп пиёда юрганларга пул энди кимнинг ҳисобидан тўлаб берилади?

Ўзбекистонда “Соғлом турмуш тарзи” платформаси (1hls.uz) қайта кўриб чиқилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 ноя – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев “Соғлом турмуш тарзи” платформаси орқали амалга ошириладиган тўловларни 2022 йил учун Давлат бюджети параметрларига киритиш бўйича топшириқ берди.
2022 йил 1 январдан бошлаб Молия вазирлиги кўп пиёда юрганларга бериладиган пулларни Давлат бюджетидан тўлиқ ҳажмда тўлаб берилишини таъминлайди.
Шунингдек, 2022 йил 1 январга қадар “Соғлом турмуш тарзи” платформаси такомиллаштирилади. Унда масофани ҳақиқатда босиб ўтганлигини тасдиқловчи механизмлар қайта кўриб чиқилади.
Июнь ойида энг кўп юрганларга қарийб 69 млн сўм тўлаб берилди
Эслатиб ўтамиз, ҳозир платформа орқали амалга ошириладиган тўловлар алкоголь (пиво, ароқ) ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга татбиқ этилган йиғимдан олинмоқда.
Ўзбекистонда “Соғлом турмуш тарзи” (1hls.uz) платформаси жорий йил 10 майдан тест режимида, 1 июндан бошлаб тўлиқ ишга тушган. Ҳар ойда энг кўп юрган шахсга туман (шаҳар) кесимида 300 минг сўмдан, ҳудуд кесимида 500 минг сўмдан, республика бўйича 1 миллион сўм қўшимча равишда пул ўтказиб берилади.
Жорий йилнинг июнь-август ойлари давомида жами 206,7 млн сўм фойдаланувчилар электрон ҳамёнига ўтказиб берилган.