ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Мудофаа вазирлиги “Ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисида” қонун лойиҳасини тайёрлади.
Ҳужжатда қайд этилишича, “Ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича вазифа Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 сентябрдаги “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-718-сонли Қонуни билан белгиланган.
“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги бугунги куннинг замонавий талабларига тўлиқлигича жавоб бермайди.
“Масалан ушбу Қонунда командирлар (бошлиқлар)дан ташқари ҳарбий хизматчиларнинг чекланган моддий жавобгарлиги ҳамда етказилган зарарни қоплаш тартиби назарда тутилмаган”, - дейилган ҳужжатда.
Мудофаа вазирлиги ёзишича, чет эл тажрибасини ўрганиш Россия Федерацияси ва Украина Республикасида ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги масалалари алоҳида қонунлар билан тартибга солинганлигини кўрсатмоқда.
““Ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонунини қабул қилиш Ўзбекистон Республикасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятига мос келадиган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри амал қилувчи алоҳида Қонуни билан ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги масалаларини тартибга солишга имкон беради.
Моддий жавобгарлик тўғрисидаги Қонуннинг нормалари хизмат интизоми ҳамда ҳарбий хизматчиларни ғайриқонуний хулқининг профилактикасини таъминлайди. Зарар қопланганда томонларнинг мулкий ҳуқуқларининг бузилиши бартараф этилади, бу орқали эса ҳуқуқий тартибга солишнинг тикловчи эффектига ҳам эришилади”, - дейилган ҳужжатда.