Мирзиёев: Конституциямизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак

Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимида Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш масаласига тўхталди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Президент сифатида қасамёд қабул қилган Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш хусусида тўхталди.
Унинг сўзларига кўра, барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотлар мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилган — бу конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, агар дунё тажрибасига назар ташланса, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўриш мумкин.

“Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон Конституцияси ҳақида нималарни биламиз
Ўзбекистон Конституцияси 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган. Конституция муқаддима, олти бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат. Шу кунга қадар ресупблика конституциясига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида 14 та қонун қабул қилинган.