ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил декабрида Жанубий Кореяга расмий ташриф билан боришни режалаштирмоқда. Бу Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистон раҳбарига йўллаган қутловидан маълум бўлди.
Корея етакчиси Мирзиёевни Ўзбекистон президенти лавозимига муваффақиятли қайта сайлангани билан қутлаган. У келгуси беш йилда Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга умид билдирган.
“Сиз ва рафиқангиз билан жорий йил декабрь ойида Кореяда учрашишимни орзиқиб кутмоқдаман”, - дейилади Мун Чжэ Ин қутловида.
Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин 2019 йил 18-21 апрель кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган эди. Унга қадар 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи амалга оширилган эди.