Олий тоифали шифокорлар маоши $1000 бўлади - президент

Келгуси беш йилда тиббиёт соҳасига йўналтирилаётган маблағ икки баравар, шифокорлар маоши эса минг долларгача оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 ноя - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев инаугурациядан кейин сўзлаган нутқида тиббиёт соҳаси ва шифокорлар маошини ошириш ҳақида гапирди.
"Келгуси 5 йилда халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағлар икки баробар ошириш, жумладан, келгуси 5 йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказиш мўлжалланмоқда", - деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумот учун, Ўзбекистон президенти ўз нутқида олий тоифали ўқитувчилар маошларини ҳам 1000 долларгача оширишни ваъда берган эди.
Эслатиб ўтамиз, келгуси 2022 йилги давлат бюджетида ўқитувчилар ва шифокорларнинг маошларини ошириш мақсадида 350 миллиард сўм маблағ аллақачон ажратилган. Шавкат Мирзиёев олдинги чиқишларида ҳам, хусусан фарғоналик сайловчилар билан учрашув чоғида ўқитувчиларнинг маошини 1000 долларга етказмагунча тўхтамаслигини маълум қилган эди.
Бугун Олий Мажлисда Ўзбекистон президентининг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари депутатлари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этишди.