Журналист ва блогерлар қонун ва президент ҳимоясида бўлади

Ҳукумат вакиллари томонидан ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш, тайзиқ ўтказиш ва камераларини олиб қўйиш учун жавобгарлик кучайтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 ноя - Sputnik. Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш расмий маросимидан сўнг сўзларган нутқида журналист ва блогерлар ҳимояси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
- Қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлади, дейди Шавкат Мирзиёев.
- Албатта, бундай очиқлик ва ошкоралик шароитида ишлаш, ўз фаолиятига нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларни тўғри қабул қилиш эскича қолиплар билан яшаётган айрим амалдорларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Лекин бундан қатъи назар, биз бу йўлни давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ва уни изчил давом эттирамиз, - деди президент.
Шу мақсадда амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Олий Мажлиснинг янги мажлислар залида парламентнинг икки палатаси депутатлари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда журналист ва блогерлар иштирокида Ўзбекистон президенти инаугурациясига бағишланган мажлис бўлиб ўтмоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришди