ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон”*га қарши Афғонистон Миллий қаршилик кўрсатиш фронтининг етакчиси Аҳмад Масъуд ҳозирда Тожикистонда. Бу ҳақда кўнгиллилар вакили, шимолий Панжшер вилояти губернаторининг собиқ ўринбосари Кабир Васик маълум қилди.
“Аҳмад Масъуд ҳозир Тожикистонда, лекин гоҳ-гоҳида Афғонистонга бориб туради, у ерда мамлакатнинг турли минтақаларидаги қаршилик гуруҳлари билан учрашади”, - дея аниқлик киритди у.
Толибларнинг Афғонистон ҳукуматини эгаллаб олиши
Август ойи ўрталарида "Толибон"* аъзолари мамлакат пойтахти Кобулга бостириб кириб, президент саройини эгаллаб олишди.
31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини батамом тарк этишди ва бу билан Афғонистондаги қарийб 20 йиллик америка кампанияси ўз якунига етди.
Жангарилар Афғонистоннинг муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди.
Муваққат ҳукуматни "Толибон"* биринчи бор ҳукумат тепасига келганида ТИВ раҳбари курсисини эгаллаган ва ҳозирга қадар БМТ санкциялари остида қолиб келаётган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошқариши маълум бўлди.
* Россияда ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти.