Ўзбекистонда Россиянинг яна иккита университети филиали очилади

Ҳозирда Ўзбекистонда Россия университетларининг 15 та филиали фаолият кўрсатмоқда
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Ўзбекистонда Россиянинг яна иккита университети филиали очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Москвада ўтказилган Ўзбекистон ва Россия ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, йиғилишда маданий-гуманитар муносабатларга, хусусан, таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
“Яқин келажакда Россиянинг яна иккита университети — Косигин номидаги дизайн ва технология университети ва Москва давлат геодезия ва картография университети филиаллари очилиши кутилмоқда”, - дейилган хабарда.
Шу нуқтаи назардан юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлик қилиш ҳамда Таълим форуми, Медиа-форум, Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари ва бошқа қатор қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.
Марказий Осиё учун бўлажак педагогик хаб: Тошкентда Герцен университети филиали иш бошлади
Маълум қилинишича, ҳозирда Ўзбекистонда Россия университетларининг 15 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 1 октябрь куни Тошкентда ВГИК (Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат кинематография институти) филиали очилган эди.