ТОШКЕНТ, 30 окт - Sputnik. Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов шанба куни Афғонистонга келди. Қобул аэропортида уни Толибон* ҳукуматининг ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақи, Ахборот ва маданият вазирининг ўринбосари Забиҳулло Мужоҳид кутиб олди. Sputnik Афғонистон хабарига асосан.
Айни дамда Туркманистон делегациси ва Толибон*нинг юқори лавозимли вакиллари орасида музокаралар бўлиб ўтмоқда. Афғонистон томонидан музокарларга Муттақи бошчилик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни Теҳронда Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари саммити бўлиби ўтган эди. Унда Туркманистон ТИВ раҳбари халқаро ҳамжамиятни Афғонистон иқтисодини тиклашга ёрдам беришга чақирган эди ва Ашхобод ТАПИ ва CASA каби халқаро лойиҳаларда иштирок этишга тайёрлигини билдирган эди.
Маълумот учун, Афғонистонда Толибон* ҳукумати ўрнаитилганидан сўнг, Туркманистон ўз элчисини юборган тўртинчи давлат бўлди. Бундан олдин Покистон, Қатар ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари Қобулга ташриф буюрган эди.
* Россияда таъқиқланган террорчилик ташкилоти.