ТОШКЕНТ, 30 окт – Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати Устюрт ҳудудида учта инвестиция блокини ўзлаштириш учун Британиянинг British Petroleum компанияси ўрнига янги инвестор жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда "Ўзтрансгаз" АЖ бошқаруви раиси Беҳзот Нарматов сўзларига таяниб “Interfax.az” хабар қилди.
Маълум бўлишича, Озарбайжоннинг SОСАR нефть компанияси ва "Ўзбекнефтгаз" АЖ ўртасида 2019 йилнинг май ойида Ўзбекистоннинг Устюрт ҳудудидаги учта инвестиция блокида геология-қидирув ишлари салоҳиятини баҳолаш ҳамда қўшма тадқиқотлар олиб бориш бўйича Битим имзоланган эди.
“Халқаро компаниялар ўз стратегиясини ўзгартирмаганларига қадар, ҳаммаси яхши эди. Янги углеводородлар лойиҳаларига сармоя киритишни тўхтатиб, “яшил” йўлни танлаб, декарбонизация тарафга юрмасларидан аввал, иш аъло даражада ривожланаётган эди. Биз маҳсулот тақсимоти ва геология-қидирув ишлари бўйича шартномага имзо чекиш арафасида эдик. SОСАR компанияси лойиҳада 25% гача улуш билан иштирок этмоқчи эди, лекин, албатта, “BP” асосий инвестор эди. Британия компаниясининг сиёсати ўзгаргандан сўнг, лойиҳа тўхтаб қолди. Ҳозир биз ушбу лойиҳага бошқа компанияларни жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқяпмиз”, – деди Беҳзот Нарматов.
Унинг таъкидлашича, Озарбайжон нефть компаниясининг лойиҳага бўлган қизиқиши сўнмаган, чунки тадқиқот ишлари асосида BP кўмагида ташкил қилинган бўлишига қарамасдан, катта ҳажмдаги иш, асосан SОСАR компанияси мутахассислари томонидан олиб борилган.
“SОСАR лойиҳада қолди. Бу катта лойиҳа, нефть, илм-фан ва қўшимча ресурсларни талаб қилади. Бу ердаги угводородлар захиралари 500 миллион баррелга тенг. Лойиҳа ҳали ҳам тирик, кутиш режимида турибди”, – деди у.
Нарматовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳозирда “бир нечта компаниялар билан параллель равишда” янги инвесторларни жалб қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.
“Лойиҳага кираётган янги ҳамкорни оммага эълон қилиш, биринчи навбатда, бизнинг ҳамкоримиз бўлган SОСАR билан келишишни талаб қилади. Уларсиз биз олдинга қадам ташлай олмаймиз”, – дея қўшимча қилди у.