Ўзбекистонда масофадан туриб бошқариладиган пулемёт ишлаб чиқарилди – видео

Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфидаги корхоналардан бирида масофадан бошқариладиган жанговар модуль ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. Мудофаа саноати давлат қўмитасига қарашли корхоналарда масофадан бошқариладиган йирик калибрли пулемёт намунаси ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, масофадан бошқариладиган жанговар модуль ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Хусусан, соҳа мутахассислари маҳсулотнинг барча конструкторлик-техник ҳужжатларини ишлаб чиқишган. Улар асосида йирик калибрли пулемёт ҳамда замонавий электрон-оптик кузатув ва нишонга олиш мосламалари билан жиҳозланган жанговар модулнинг тажриба намунаси ишлаб чиқилган.
“Шу кунларда завод синовларидан ўтказилмоқда”, - дейилган хабарда.
Мазкур пулемётни зирҳли ҳарбий техникаларга ҳам ўрнатса бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистонда “Тарлон” енгил зирҳланган автомобили синовдан ўтказилаётгани маълум бўлганди.