Тошкент – Хўжанд халқаро автобус қатновлари қайта тикланди

Тошкент – Хўжанд – Тошкент халқаро автобус йўналишида мунтазам автобус қатновлари ҳар куни амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik.Ўзбекистон ва Тожикистон пандемия сабаб вақтинча тўхатиб қўйилган халқаро автобус йўналишида мунтазам қатновларни қайта тиклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.
“Тошкент – Хўжанд – Тошкент халқаро автобус йўналишида мунтазам қатновлар қайта тикланди”, - дейилган хабарда.
Ўзбекистон томонидан ташувчи “Uzautotrans service”, Тожикистон томонидан эса ташувчи “Холдинг Азия Групп Таджикистан” йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Ушбу йўналишда мунтазам автобус қатновлари ҳар куни амалга оширилади. Автобуслар соат 09:00 ва 18:00 да Тошкент автовокзалидан жўнайди. Тошкентдан Хўжандгача йўлкира ҳақи 100 000 сўм этиб белгиланган.
Аввалроқ 18 окябрь куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри автовокзалидан Ўзбекистонга биринчи автобус қатнови амалга оширилгани хабар қилинган эди.