Самарқандда ўн кунда 8 киши ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлди

Вилоятда шу ўн кун ичида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 4 та ҳолат қайд этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik. Самарқанд вилоятида ўтган 10 кунда ис газидан заҳарланиш оқибатида 8 киши вафот этган. Уларнинг 5 нафари вояга етмаган болалардир. Бу ҳақда Пастдарғом тумани ФВБ вакили Сирожиддин Aбдуллаев брифингда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, вилоятда шу ўн кун ичида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 4 та ҳолат қайд этилган.
“Вилоятда ис газидан заҳарланиш оқибатида 8 киши вафот этган ва 1 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Ҳалок бўлган 8 нафардан 5 нафари вояга етмаган болалардир”, - деди у.
Ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишларда табиий газ тармоғига уланган қўлбола иситиш печининг тутун чиқариш мўриси тозаланмасдан, кечаси печни ёқиб ухлаш оқибатида заҳарланиш ва ўлим ҳолати юзага келгани маълум бўлган.
Иккита ҳолатда иситиш печининг мўрисидан баҳор, ёз даврида ин қурган қушларнинг уяси чиққан бўлса, бошқа ҳолатда мўри ичига қушларнинг уй қурмаслиги учун латта тиқиб қўйиб, уни олиб ташламасдан, иситиш печидан фойдаланилгани аниқланган.
Оқибатда барча заҳарли газлар хона ичига тўпланиб, фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган.
Қорақалпоғистонда беш киши ис газидан заҳарланиб ўлди