ТОШКЕНТ, 27 окт - Sputnik. Ўзбекистонда Самарқанд вилояти архитектура ёдгорликлари сони бўйича етакчи ўринда эканлиги маълум қилинди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига республикада архитектура ёдгорликлари сони 2264 тани ташкил этган.
Архитектура ёдгорликлари энг кўп вилоятлар учлигига Самарқанд (562 та), Бухоро (507 та) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (288 та )кирган.
Кейинги ўринларда Қашқадарё вилояти (208 та), Фарғона вилояти (139 та), Хоразм вилояти (136), Жиззах вилояти (100) келмоқда.
Архитектура ёдгорликлари сони юзтага етмаган вилоятлар рўйхатидан эса Наманган (98), Андижон (74), Навоий (70), Сурхондарё (36), Сирдарё (15) ва Тошкент вилояти (7та) ўрин олган.
Қорақалпоғистон Республикасида ёдгорликлар сони 24 тани ташкил этиши маълум қилинган.