Алиментдан қарздорларга транспорт бошқариш чекланади

Алимент тўловини узрсиз сабабларга кўра вақтида тўламаган жисмоний шахсларга транспорт бошқариш ва лицензияланган фаолият билан шуғулланиш чекланиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт - Sputnik. Яқин келажакда алимент ва бошқа тўловлардан қарздорларга транспорт воситаларини бошқариш чекланиши мумкин. Бу ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида эълон қилинган янги қонун лойиҳасида айтиб ўтилган.
Хусусан, алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахснинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш режалаштирилмоқда.
"Бунда жисмоний шахс томонидан қарз мажбурияти белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли", - дейилган таклиф қилинаётган қонун лойиҳасида.
Қуйидаги ҳолатларда алимент тўлови бўйича қарздорнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш қўлланилмайди:
суд қарорини ижро этиш учун етарли мол-мулк олиб қўйилган тақдирда;
агар шундай чеклаш белгиланиши қарздор тирикчилигининг асосий ва қонуний манбаидан маҳрум қилса;
агар қарздор биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлса ёки қарздор қарамоғида Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони ёки ногирон бола деб тан олинган шахсга боғлиқ бўлса;
агар қарздорга ижро ҳужжати талабларини бажариш учун кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган бўлса;
агар вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса.
Шунингдек, ушбу қонун нормаси бузилган ҳолда қуйидаги жазо чораси назарда тутилган. Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи вақтинча чекланган шахсларнинг бундай воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи чекланган шахсларга транспорт воситаларини бошқаришни топширилиши — "базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”.