ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik. Афғонистон ҳукумати Термизга олиб келинган БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича бошқармасининг инсонпарварлик ёрдамини олиб киришга ҳозирча рухсат бермаган. Бу ҳақда РИА Новостига бошқарма вакили маълум қилди.
“Юк ҳозирча Термизда бўлиб турибди. Уни етказиб бериш санаси афғон томонидан олиб киришга рухсат беришига боғлиқ бўлади ва бу масалани Кобулдаги Қочоқлар ишлари бўйича бошқарма ҳал этади”, - деган бошқарма вакили.
15−17 октябрь кунлари Афғонистон учун БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича бошқармасининг гуманитар ёрдами ортилган учта самолёт Термиз халқаро аэропортига қўнган эди. Олиб келинган фавқулодда ёрдамнинг умумий оғирлиги 100 тоннани ташкил этади. Юклар манзилга юборилгунга қадар “Термиз карго маркази”да сақланади.
Гуманитар ёрдам юк машиналарига ортилиши ва у ердан эса Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига “Термиз — Ҳайратон” чегара пункти орқали етказилиб берилиши керак.
Толибларнинг Афғонистон ҳукуматини эгаллаб олиши
Август ойи ўрталарида "Толибон"* аъзолари мамлакат пойтахти Кобулга бостириб кириб, президент саройини эгаллаб олишди.
31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини батамом тарк этишди ва бу билан Афғонистондаги қарийб 20 йиллик америка кампанияси ўз якунига етди.
Жангарилар Афғонистоннинг муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди.
Муваққат ҳукуматни "Толибон"* биринчи бор ҳукумат тепасига келганида ТИВ раҳбари курсисини эгаллаган ва ҳозирга қадар БМТ санкциялари остида қолиб келаётган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошқариши маълум бўлди.
* — Россияда ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти.