ТОШКЕНТ, 26 окт – Sputnik. Келгуси йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига муҳим ўзгаришлар киртиш режалаштирилмоқда. Бу муҳокамага чиқарилган янги қонун лойиҳасида айтиб ўтилган.
Хусусан, вилоятларда фаолият юритаётган ЯТТлар учун ижтимоий солиқни БҲМнинг 50% миқдорида белгилаш режалаштирилган. Бунинг учун Солиқ кодексининг 483-моддасига қуйидаги ўзгартиришни киритиш таклиф этилмоқда:
“2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида қўлланилади.”.
Иккинчидан, Солиқ кодексининг 378-моддасини (солиқ солинмайдиган даромадлар) яна бир банд билан тўлдириш режалаштирилган. Яъни, жисмоний шахслар ўз уйларида талабаларни ижарага қўйиши натижасида олинган даромад солиқдан озод қилинади. Бу келажакда талабалар учун ижара нархини пасайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Учинчидан, корхоналарга ҚҚС солиғини тўлашга доир енгиллик киритиш таклиф этилмоқда. Хусусан, молиявий давр якунида етмай қолган ҚҚС учун солиқ органига алоҳида мурожаат қилиш амалиёти бекор қилинади. ҚҚСни қоплаш учун ҳисобот ва огоҳлантириш жўнатиш етарли бўлади.
Тўртинчидан, ер қаъридан норуда фойдали қазилмалар қазиб олувчи компаниялар қазиб олган қазилма ҳажмини яшириши – солиқни яширишга тенглаштирилади. Яъни бундай корхоналар устидан назорат кучайтирилади.
ЎЗбекистон Респбуликаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳаси 9 ноябрга қадар муҳокамада бўлади.