ТОШКЕНТ, 26 окт – Sputnik. “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритилди. Президент Шавкат Мирзиёев тегишли қонунга имзо чекди.
Киритилган кўшимчага кўра, Ўзбекистон президенти ўзининг белгиси ва штандартига (байроғига) эга бўлади.
Президент белгиси ва штандарти (байроғи) тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби президент томонидан белгиланади.
Ушбу ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 18 октябрь куни қабул қилинган эди. 21 октябрь куни Сенат уни маъқуллади.
Маълумот ўрнида, штандарт – махсус турдаги байроқ. Хорижий давлатларда у президентлик белгиси (рамзи) ҳисобланади. У президент иштирок этадиган барча муҳим тадбирларда, инаугурация (қасамёд қабул қилиш) пайтида ҳамда президент қароргоҳларининг бинолари ва хизмат хоналарида кўтарилади.
Президент белгиси – президентнинг фарқловчи расмий белгиси. Бу белги президентлик лавозимига сайланган шахсни ўз лавозимига юклатилган оғир вазифаларни самарали амалга оширишида халқ ва жамият томонидан билдирилган ишонч белгиси сифатида хизмат қилади. Президент белгиси ушбу лавозимга сайланган шахсга лавозимга киришиш чоғида у қасамёд қабул қилганидан сўнг топширилади ва конституциявий ваколат муддати тугагунга қадар президентда сақланади