ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. Москва шу ҳафта Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини жўнатишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда РИА Новостига Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маълум қилди.
“Биз бу ҳафта рўй беришига жуда умид қиляпмиз... озиқ-овқат ва тиббиёт воситалари”, - деди Кабулов.
У юкларни етказиб беришда, жумладан, Россия Мудофаа вазирлиги ва ФВВ қатнашишини таъкидлади.
Кабуловнинг сўзларига кўра, нафақат гуманитар ёрдам етказиб берилади, балки у ердан Россия фуқаролари ва талабалар олиб келинади.
20 октябрь куни Москвада Афғонистонга оид Москва шаклидаги маслаҳатлашувларнинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва яқин вақт ичида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини жўнатишини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон сентябрь ўрталарида қўшни мамлакатга 1,3 минг тонналик инсонпарварлик ёрдамини жўнатган эди. Бундан ташқари, республика Хитой, Покистон ва Ҳиндистон каби мамлакатлар билан афғон халқига ёрдам бериш масалаларини муҳокама қилмоқда.