ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ кузатувчиларининг мамлакатдаги миссиясига бошчилик қилаётган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедевни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув аввалида Лебедев Мирзиёевни Ўзбекистон президенти сайловида ишончли ғалабага эришгани билан самимий қутлаб, мамлакат фаровонлиги ва равнақини таъминлаш йўлидаги фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва сайлов тартиботларини ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришилгани алоҳида таъкидланди.
МДҲ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Президент Ўзбекистон Ҳамдўстлик маконида, энг аввало иқтисодий йўналишда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.
Хусусан, ташкилотнинг шу ойда видеоанжуман шаклида ўтказилган юбилей саммити якунида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.