ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. Ягона давлат интерактив хизматлари порталида (ЯДИХП) фуқароларнинг ФҲДЁга оид маълумотларни олиш бўйича хизматлар йўлга қўйилган. Ундаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабабчи бўлди.
Айтилишича, фуқаролар ФҲДЁ архив маълумотларидаги ноаниқликларни my.gov.uz порталидаги “менинг оилам” деган бўлимида дуч келишган.
Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолат бўйича ўнлаб одамларнинг турли-туман изоҳлар қолдиришларига сабабчи бўлди:
Бошқа фарзандларим ҳам пайдо бўлди-а
Болаларим қаерга ғойиб бўлди?
2006 йилда вафот этган менинг отам ҳаёт эканлар
Мен бу маълумотларга кўра, турмушга чиқмаган эканман ва ўғлим ҳам йўқ экан
Менинг оиламда нотаниш инсон менинг ўғлим сифатида қайд этилган, ҳақиқий ўғлим эса рўйхатга тушмаган.
Менинг ота-онам менга нотаниш инсонлар экан!
Мен турмушга чиқмаганман, эрим эса уйланган экан. Бу ҳаммаси менга манзур келмоқда
Менинг қандайдир ноқонуний фарзандим бор экан, хотинимга буни қандай тушунтираман?!!
Орадан бироз вақт ўтиб, Давлат хизматлари агентлиги бу юзага келаётган хатоликлар бўйича ўз тушунтиришларини бериб ўтди.
Унга кўра, ФҲДЁ ягона электрон архив базасидаги фуқароларнинг 60 миллионга яқин маълумотлари рақамли кўринишда акс этган бўлиб, ҳозирда тизимда такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, жисмоний шахснинг индентификация рақамига (ЖШШИР) мавжуд маълумотларига бириктириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу жараён тўлиқ якунига етмаганлиги сабабли бундай ноаниқликлар юзага келади, дейилган хабарда.