Сайлов участкаларида қандай хавфсизлик чоралари кўрилмоқда?

Президент сайловининг асосий овоз бериш кунида республика ҳудудидаги барча сайлов участкаларида ҳуқуқий ва эпидемиологик нуқтаи назардан барча хавфсизлик чоралари таъминланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 окт - Sputnik. Ўзбекистонда 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловларида қандай хавфсизлик чоралари кўрилмоқда?
Ушбу саволга ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов жавоб берди. Sputnik мухбири хабарига асосан.
Сайловнинг асосий овоз бериш куни - 24 октябрь куни барча сайлов участкаларида, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, қуйидаги хавфсизлик чоралари кўрилади:
барча сайлов участка бинолари овоз бериш кунидан олдин (1 кун ва 4 соат аввал) сапёрлар томонидан тўлиқ текширилади ва 23 октябрь соат 18:00га қадар қўриқловга олинади;
овоз бериш куни сайлов участкалари ҳамда унинг атрофида жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун 53 670 нафар ҳуқуқ-тартибот ва жамоатчилик вакиллари хизматга жалб этилади;
жойларда ёнғин ўчириш бўлинмаларининг жанговар ҳисоблари ва тез тиббий ёрдам хизматларининг узлуксиз навбатчилиги ташкил этилди;
ҳар бир сайлов участкаси биноси атрофида ҳудудий профилактика инспекторлари,Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмати йўлга қўйилди;
Турли нохуш ҳолатлар ва уларнинг ижтимоий хавфли оқибатларини бартараф этиш учун ҳар бир ҳудудда алоҳида захира кучларитўлиқ шай ҳолатга келтирилди. Ушбу мақсадда жами 3 886 нафар шахсий таркибдан иборат захира кучлари тузилди.
Албатта, овоз бериш жараёни давомида биронта ходим томонидан фуқароларнинг овоз бериш жараёнига аралашиш, кимга овоз берганлигини сўраш ҳамда бирор ташвиқот материалини тарқатишга, шунингдек, сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Сайлов участкасида бирор қоидабузрлик юз берган тақдирда ИИВ вакиллари томонидан ушбу ҳолат "Шакл-2" бўйича расмийлаштирилиб, ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи етиб боради. Тергов-тезкор гуруҳи аъзолари – терговчи, тезкор вакил, эксперт-криминалист, профилактика инспектори ва кинолог таркибидан иборат.
Тиббий хавфсизлик чоралари:
Пандемия шароитида касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида сайлов участкаларида қўйидаги чоралар кўрилган:
ҳар бир сайлов участка биносида тиббиёт ходимлари навбатчилиги ташкил этилди;
ҳар бир овоз бериш хоналари тадбирдан аввал тўлиқ дезинфекция қилинади;
сайлов участка комиссияси ва фуқаролар томонидан тиббий ниқоблар ва санитайзер воситаларидан фойдаланилади;
ижтимоий масофани сақлаш, шахсга оид ҳужжатларни хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда текширилиши таъминланади;
савловчининг тана ҳарорати 37 градусдан юқорилиги аниқланса, фуқаро алоҳида хонада кўчма сайлов қутиси орқали овоз беради;
Шу билан бирга ИИВ карантин яораларига амал қилмаган шахслар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган.
Амалдаги “Сайлов кодекси”га кўра, республика бўйича жами 10 760 та сайлов участкалари ташкил этилган, бўлиб уларнинг аксарияти (80%) мактаб ва коллежларда жойлаштирилган. Айни дамла барча сайлов бюллетенлари (18 546 080 дона) сайлов округи ва сайлов участкаларига ўз муддатида етказиб берилган ва ишончли қўриқ остида сақланмоқда.