ТОШКЕНТ, 22 окт – Sputnik. Биринчи ноябрдан бошлаб, хўжакликлар сони 1000дан ортиқ бўлган маҳалла қўмиталари ходимлари маоши 35%га оширилади.
Бу ҳақида "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида айтиб ўтилган.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уни молиялаштириш, уларга бухгалтерия хизматларини кўрсатиш бўйича қуйидаги муҳим ўзгаришлар амалга оширилади:
ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35%га оширилади;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифасини туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади;
туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Фармонда айтилишига кўра, бугунги кунда ўзини ўзи бошқариш органлари жамиятимиздаги кўплаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий, ҳаётимиз учун зарур бўлган барча жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Шу сабабли ҳам ушбу соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – давр талаби, дейилган фармонда.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда 9255та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб улардан 1500 дан ортиғида мингдан ортиқ хонадонлар мавжуд.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда 9255та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб улардан 1500 дан ортиғида мингдан ортиқ хонадонлар мавжуд.