Тошкентда олти қаторли йўл фойдаланишга топширилди

Олти қаторли мазкур йўл ва кўприклар соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 окт - Sputnik. Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Сергели туманларида қурилган янги йўлни кўздан кечирди, деб хабар бермоқда президент матбуот-хизмати.
Сергели билан Яккасарой туманини боғлайдиган қўшимча йўл лойиҳаси икки босқичда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Чўпонота кўчасидан Тошкент ҳалқа йўлигача қарийб 2 километрлик трасса қуриб битказилган. Унинг Кичик ҳалқа йўли устидан ўтган қисмида 788 метрлик кўприк ва Тошкент ҳалқа йўлига туташган жойида иккита 207 метрлик йўл ўтказгич барпо этилган.
“Аҳоли учун қулайлик”: метронинг Сергели йўналиши ишга тушди
Мазкур транспорт иншоотлари Мирзиёев ташрифидан сўнг очилди.
"Ушбу янги йўл ва кўприклар муҳандислик ечимига кўра жуда қулай. Биринчидан, мазкур янги кўча Тошкентнинг энг йирик транспорт артериялари – кичик ва катта ҳалқа йўллари билан кесишади. Иккинчидан, транспортларнинг янги кўприкка чиқиши ҳам, ундан тушиши қулай. Ҳеч қандай светофор ёки қайрилиб олишсиз, бошқаларга халақит бермаган ҳолда, кейинги йўналишга қўшилиб кетиш мумкин", - дейилади хабарда.
Айни пайтда лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида жадал иш олиб борилмоқда. Тошкент ҳалқа йўлидан Қипчоқ кўчасигача бўлган 4 километрдан зиёд йўл қурилмоқда.
Умуман, 6 қаторли мазкур йўл ва кўприклар соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга бўлади. Шу тариқа, Сергели туманидан шаҳар марказига етиб бориш вақти олдинги 40-50 дақиқа ўрнига 20 дақиқани ташкил қилади. Янги Сергели кўчасидаги тирбандлик икки бараварга қисқаради.