ТОШКЕНТ, 20 окт - Sputnik. Тошкентда Инстаграм ижтимоий тармоғи орқали келган товушли хабар эр-хотин ўртасида жанжал чиқишига ва аёлнинг шаръий никоҳда яшаётган эрини пичоқлаб қўйишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Олий суд матбуот-хизмати хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, эркак аёли ишлайдиган поликлиникага келган ва иккаласи биргаликда шу яқинда жойлашган ошхонада овқатлангани йўл олган. Тушлик вақтида аёлнинг телефонига “Инстаграм” ижтимоий тармоғи орқали аудио-хабар келган. Бундан эрнинг жаҳли чиқиб, рашк ўтида аёлни ҳақорат қила бошлаган.
Бегона одамлар олдида шарманда қилинганидан уялган аёл ишхонага йўл олган, эркак унинг орқасидан бориб, бақиришда давом этган.
Қабулхонада аёл пичоққа кўзи тушиб, уни қўлига олган. Эри босимни давом эттиравергач, пичоқни бир-икки маротаба силкитган, эркак пичоқни олмоқчи бўлганида иккаласининг ҳам қўллари кесилиб кетган.
Аёлнинг айтишича, ўша пайтда эрининг кийимидаги қонни ўзининг кесилган қўлидан оққан қон теккан, деб ўйлаган. Аёл эрига қасддан тан жароҳати етказиш ниятида бўлмаганини тан олган.
Суд-тиббиёт экспертизаси берган хулосага кўра, эркакда кўкрак қафаси чап томони 7-қовурға сатҳидан кўкрак бўшлиғига кириб, диафрагмани жароҳатлаб, қорин бўшлиғига ўтувчи санчилган-кесилган яра, чап томонлама қовурғалараро артериянинг жароҳатланиши, кўкрак бўшлиғига қон қуйилиши (гемоторакс) каби жароҳатлар мавжудлиги аниқланган.
Ушбу жароҳатлар етказилиш вақтида ҳаёт учун хавфли бўлган, оғирлик даражаси бўйича оғир тан жароҳатлари тоифасига кириши кўрсатилган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган аёл эълон қилинган айбга иқрор эмаслигини билдирган.
Судланувчи Жиноят кодекси 104-моддаси 2-қисмининг “л” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланди.