ТОШКЕНТ, 19 окт – Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Бу ҳақда қўйи палата матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қонун лойиҳасида гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда), сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни хориждан Ўзбекистонга олиб киришда ва реализация қилишда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича имтиёзлар берилиши назарда тутилган.
Депутатларнинг фикрича, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларнинг барқарорлигини сақлашга хизмат қилади. Қизғин муҳокамалар ва бахс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.