Ўзбекистон делегацияси Москвадаги Афғонистонга оид йиғилишда иштирок этади

Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Афғонистонга оид Москвадаги йиғилишда иштирок этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 окт – Sputnik. Ўзбекистон делегацияси Москвада режалаштирилган Афғонистонга оид йиғилишда иштирок этади. Бу ҳақда ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов Sputnik нашрига маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси делегацияси Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигида Афғонистонга оид Москвадаги йиғилишда иштирок этишини тасдиқлаймиз”, - дея жавоб берган ТИВ вакили тегишли саволга.
20 октябрь куни Москвада Афғонистонга оид Москва шаклидаги маслаҳатлашувларнинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Унда 10 та мамлакат ҳамда “Толибон”* ҳаракати вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.
Афғонистон қишни очарчиликларсиз ўтказади – Мирзиёев
Учрашув чоғида Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият ривожланиши истиқболлари ва инклюзив ҳукумат тузишни муҳокама қилиш режалаштирилган. Шунингдек, мамлакатдаги гуманитар инқирозни бартараф этиш учун дунё ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Томонлар ҳар бир йўналишида ўзаро ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама қилиб, устувор соҳаларда мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича биринчи даражали вазифаларни белгилаб олишган.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти