Бугун Самарқандда шаҳар куни нишонланади

Ҳар йили ушбу кунга алоҳида тайёргарлик кўрилади, янги иншоотлар қад ростлайди, маданий-маърифий тадбирлар уюштирилади
Sputnik
ТОШКЕНТ 18 окт Sputnik. – Бугун Самарқанд аҳли шаҳар кунини нишонламоқда. Ушбу сана 25 йиллик тарихга эга. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан 1996 йилда Самарқанд марказида улуғ саркарда шарафига ҳайкал ўрнатилган эди. Ушбу ёдгорликнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бундан буён бу санани Самарқанд шаҳар куни сифатида нишонлашни таклиф қилган. Шу бўйи Самарқанд аҳли 18 октябрни катта тантана билан нишонлаб келмоқда.
Ушбу кунга ҳар йили алоҳида тайёргарлик кўрилади, янги иншоотлар қад ростлайди, маданий-маърифий тадбирлар уюштирилади.
Мисол учун, бу йилги сана муносабати билан Самарқандда Президент мактабининг тантанали очилиш маросими ўтказилади, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги ўқув биноси фойдаланишга топиширилади. Замонавий қиёфа касб этган Алишер Навоий кўчаси очилади. Маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи фаолият бошлайди. Яна ўнлаб маҳалла марказлари, кўнгилочар дам олиш масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари шаҳар кунига туҳфа бўлади.
Самарқанд вилоятида ўқувчини урган директор ўринбосари ишдан бўшатилди
Самарқанд куни муносабати билан журналистларга берган интервьюсида шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов шундай дейди:
“Айни пайтда шаҳар ҳудудида 14 та археология, 417 та меъморий, 36 та монументал ва 23 та диққатга сазовор маданий мерос объекти давлат рўйхатида қайд этилган ва муҳофазага олинган. Уларни асраб-авайлаш ва сайёҳларга асл ҳолича кўрсатиш, келгуси авлодларга етказиш учун республика ва маҳаллий бюджетдан ҳар йили катта маблағ ажратилмоқда. Шунингдек, бу борада тадбиркорлар имкониятларидан фойдаланилмоқда.
2019 йилда шаҳримизга 560 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, пандемия сабабли 2020 йилда ушбу кўрсаткич 52 минг кишини ташкил этди. Бу йил карантин чекловлари юмшатилгач, тўққиз ой давомида 54 минг 500 нафар хорижий ҳамда 1 миллион 245 минг нафар маҳаллий туристлар ташрифи амалга оширилган”.