Самарқанддаги боғчадан гўшт ўғирланиши юзасидан жиноий иш қўзғатилди

Пахтачи туманидаги боғчадан гўшт ўғирланиши ортидан бош ошпаз ва мудира ишдан бўшатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида жойлашган боғчада гўшт ўғирлагани тасвирланган видео тарқалди. Мактабгача таълим вазирлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Вазирлик хабарига кўра, тумандаги Ҳайит Элбеги маҳалласида жойлашган 28-сонли боғча бош ошпази Ў.А. пиширилган 4,7 килограмм гўштни олиб аввал кирхонага яшириб қўйган. Сўнг уни боғчанинг хўжалик мудираси М.Э.га берган.
Хўжалик мудираси М.Э. 4,7 кг пиширилган гўштни боғча ҳовлисидан олиб чиқиб кетаётганда уни шу боғчада тарбиячи бўлиб ишлайдиган Н.Н. ва М.У. тўхтатиб қолишган. Улар бу ҳолатни видеога олишган.
Ўзбекистонда ишламайдиган боғча опаларга 2,4 миллиард сўм маош ёзилгани фош қилинди
Бош ошпаз ва хўжалик мудираси билан суҳбат ўтказилганда улар 28-боғча директори Ш.У.нинг топшириғи ва кўрсатмасига анчадан буён гўшт ўғирлашларини айтишган. Улар видео ва аудио ёзувлардаги гаплар тўғри эканини ўз тушунтириш хатларида тасдиқлашган.
Ҳозир бош ошпаз Ў.А. ва хўжалик мудираси М.Э. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, Пахтачи тумани прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра, 28-сонли боғча мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.