ТОШКЕНТ, 16 окт - Sputnik. Фарғона вилоятининг Сўх туманидан янги аэропорт қуриб битказилди, деб хабар қилмоқда Сўх тумани ҳокимияти матбуот хизмати.
Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жадал суръатлар билан барпо этилган аэродром майдони 7 гектар бўлиб, учиш-қўниш йўлаги узунлиги 700 метрни ташкил этади. Аэропорт қурилишига давлат бюджетидан 6,8 млрд. сўм (635 минг$) маблағ ажратилиб, аэропорт учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шохобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўзида қамраб олган. Яқин кунларда синов учишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Сўх туманига ташрифи доирасида туманда қурилиш ишлари якунланаётган янги аэропорт билан шахсан танишди ва керакли кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистон ҳудуди ичкарисида жойлашган эксклави - Сўх тумани, майдони 352 км квадратни ташкил қилади. Бу ерда 80 минг аҳоли яшайди. Туманнинг Ўзбекистон билан бевосита чегараси бўлмагани туфайли Қирғизистон ҳудуди орқали 19 км масофа босиб бориш ва 2 маротаба чегара назоратидан ўтиш керак.
Янги аэропорт, шубҳасиз, Сўх тумани учун энг яхши совға бўлди. У ҳар қандай вазиятда Ўзбекистон билан тез ва бевосита боғланиш имконини беради. Аэропортлар халқаро классификациясига кўра ушбу аэропорт 4-класс тоифасига мансуб бўлиб, ундан фақат маҳаллий йўналишларда учадиган самолётлар фойдаланиши мумкин.