Тадбиркорларга айрим солиқларни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди

Айрим талабларга жавоб берадиган тадбиркорларга айланмадан олинадиган солиқни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ 15 окт – Sputnik. Ўзбекистонда тадбиркорларга айланмадан олинадиган солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилди, деб хабар қилмоқда "Ҳуқуқий ахборот" телеграм-канали.
Хусусан, Солиқ кодексининг 99-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, айланмадан олинадиган солиқни белгиланган тартибда мол-мулкни гаровга бермаган ҳолда, кафилликсиз ёки банк кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этилди. (даромад солиғи, ижтимоий солиқ, тўлов манбасида олинадиган фойда солиғи бундан мустасно).
Шунингдек, Кодекснинг 100-моддага киритилган қўшимчага кўра, фаолиятни 3 йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётган, солиқларни ўз вақтида тўлаган, аммо молиявий аҳволи солиқ қарзини муддатида тўлаш имкониятига эга бўлмаган шахсларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.
Кодекснинг 378-моддасига киритилган ўзгартиришларга биноан, солиқ тўловчининг Ўзбекистоннинг профессионал (касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар) ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек, 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун йўналтириладиган даромадлари солиққа тортилмайди
Қайд этиб ўтиш мумкинки, илгари ушбу имтиёз фақат олий таълим бўйича татбиқ этилган эди.