Ўзбекистон меҳнат мигрантларига қулайликлар яратмоқда

Йил бошидан бери ташкилий тартибда ишга жойлаштирилган 70 мингдан ортиқ фуқароларнинг асосий қисми Россия ҳиссасига тўғри келади – 63 480 нафар.
Sputnik
ТОШКЕНТ 15 окт - Sputnik. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида 18 та давлат билан ҳукуматлараро битим имзолаш ишлари олиб борилди.
Иш берувчи агентликлар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон бозори учун 72 мингдан ортиқ иш жойлари аниқланган. Бугунги кунда республика фуқаролари Россия, Корея, Германия, Канада, Латвия, Нидерландия, Чехия ва бошқа мамлакатларга ишга юборилмоқда.
Йил бошидан бери ташкилий тартибда ишга жойлаштирилган 70 мингдан ортиқ фуқароларнинг асосий қисми Россия ҳиссасига тўғри келади – 63 480 нафар. Эътиборли томони, меҳнаткашларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилмоқда.
Энг кўп депорт қилинадиган мигрантлар кимлар - эксперт жавоби
Жумладан, уларнинг йўлкира ҳақи ва ишга жойлашиш харажатларини қоплаб бериш учун қарийб 1 млрд 600 млн сўм миқдорида микроқарзлар берилган. Бу бир киши учун 2 млн 700 минг сўм демакдир.
Шунингдек, фуқаролар 25 дан ортиқ турдаги касбларга ва тил ўрганишга жалб этилган. Мисол учун, Россиянинг Халқлар дўстлиги университети томонидан Меҳнат вазирлигининг касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва мономарказларида ташкил этилган рус тили курсларида1,2 минг фуқаро ўқитилди.
Бугунги кунда Россия Федерациясининг ваколатли ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу мамлакат ҳудудидаги қурилиш соҳасига 10 минг нафар ўзбекистонликларни меҳнат шартномаси асосида жалб этиш юзасидан “пилот лойиҳа” амалга оширилаяпти.
“Тадбиркор мигрант” лойиҳаси доирасида эса хориждан қайтган фуқаролар Савдо-саноат палатаси ёрдамида “Тадбиркорлик асослари ва бизнес юритувини ташкил этиш”га оид ўқув курсларида ўқитилмоқда. Бугунги кунга қадар уларнинг 250 нафарга яқини ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.
Меҳнат миграцияси даврида жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, касалликка чалинган фуқароларни ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларини Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилиши ҳам маълум қилинди.