Афсонавий боксчи Руфат Рисқиевга янги 3 хонали уй қуриляпти

Афсонавий боксчи Руфат Рисқиев йил якунигача янги уйга кўчиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. “Тошкент йўлбарси” номи билан жаҳонга машҳур бўлган афсонавий боксчи Руфат Рисқиев йил якунигача янги уйга кўчиб ўтади, деб хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Ўзбекистон бокс федерациясининг бош ҳомийси “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Руфат Рисқиевга янги хонадон қуриш ишлари бошланди.
“Тошкент йўлбарси”: афсонавий ўзбек боксчиси Руфат Рисқиев 72 ёшга тўлди
“Лойиҳага кўра, Руфат аканинг хонадонидаги бўш ер майдонига у киши учун барча қулайликларга эга замонавий 3 хонали уй қуриб берилади. Режа бўйича янги уй йил якунигача қуриб битказилади ва афсонавий боксчи унга кўчиб ўтади”, - дейилган хабарда.
Руфат Асадович Рисқиев 1974 йилги жаҳон чемпионатида зафар қучиб, дунё биринчилигида ғалаба қозонган илк ўзбек боксчиси бўлиб тарихда қолди. Шунингдек, Руфат Асадович 1976 йилги Олимпия ўйинлари финалчиси ҳам экани яхши маълум. 2019 йилдан эътиборан бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши иштирокчисига Руфат Рисқиев совринини топшириш жорий этилди.