ТОШКЕНТ, 14 окт – Sputnik. Бугун, 14 сентябрь куни, Ўзбекистонда навбатдаги президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш бошланди.
Sputnik мухбирлари эрта тонгдан Тошкентдаги бир нечта сайлов участкаларида бўлишди.
Улардан бири Миробод туманидаги 111-сонли сайлов участкаси. У Ломоносов номидаги МДУ филиали биносида жойлашган. Бу ерда Мовароуннаҳр ва Минг ўрик маҳаллаларининг 2 144 аҳолиси овоз бериши мумкин.
Овоз беришдан аввал ҳар бир сайловчи Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг таржимаи ҳоли ва ҳар бирининг сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан танишини мумкин.
Барча зарурий маълумот стендларда ўзбек ва рус тилларида ёзиб қўйилган.
Муддатидан олдин овоз берувчилар ўз сайлов участкаларига 14 октябрдан 20 октябргача келишлари, ўша куни муддатидан овоз бериш сабабини тушунтириб ариза ёзишлари мумкин.
Кейин сайлов комиссиясининг камида икки аъзоси ҳузурида бюллетенни олиб имзо чекади, сўнгра уни тўлдириш учун махсус кабинага киради.
Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.
Ўзбекистон Сайлов кодексига биноан конверт сайлов куни сайлов қутисига ташланади ва овозларни ҳисоблаш вақтида очилади, деб маълум қилишди комиссия аъзолари.
Эрталабдан сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз берувчилар деярли кўринмади. Одамлар кечқурунга яқин келиши кутилмоқда.
МСК маълумотларига кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 21 249 921 нафар киши киритилган.