ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. Москва шаҳар Тверь район суди собиқ балерина Анастасия Волочкованинг “Большой театр” устидан ёзган аризасини бу сафар ҳам қондирмади, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Собиқ балерина Анастасия Волочкова “Большой театр” уни ноқонуний ишдан ҳайдаган деб ҳисоблаб товон пули тўлашни талаб қилган эди.
Волочкова ўз Instagramида хабар қилишига кўра, “Большой театр” раҳбарияти 2003 йилда уни “ноҳақ” ишдан бўшатган ва бўшатиш вақтида театр унга тўлаш керак бўлган пулни ҳам тўламаган. Ундан ташқари 2010 йилдан 2021 йилнинг 15 июнига қадар иш ҳақи тўланмасдан берилган таътилни ҳам “ноқонуний” деб атаган. Шунингдек унга етказилган “маънавий зарарни” ҳам қоплашни талаб қилган.
Маълумот учун, Анастасия Волочкова ўз карьерасини 1994 йилда Санкт-Петербургдаги Мариинский театрида бошлаган, 1998йилдан “Большой”га ўтган. 2003 йилда Россиянинг энг машҳур театри у билан шартномани узайтришишдан воз кечган. Сабаб: балеринанинг вазни ортиб кетгани сабабли, театрнинг барча эркак раққослари у билан жуфтликда рақсга тушишдан воз кечган. Шундан сўнг Волочкова “Большой театр” устидан бир неча бор судга мурожаат қилса-да унинг аризаси қондирилмаган. 2005 йилдан буён собиқ балерина турли фильмларда суратга тушиб ўзининг соло дастурлари билан саҳнага чиқиб келмоқда.