ТОШКЕНТ, 12 окт - Sputnik. Екатеринбург шаҳрининг "Кольцово" аэропортида 3 кун қолиб кетган Red Wings авиакомпанияси йўловчилари мурожаати ўрганилди, деб хабар қилмоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Маълум бўлишича, 30га яқин Ўзбекистон фуқаролари 2021 йил 5 октябрь куни соат тонг соат 07:00да "Екатеринбург – Наманган" йўналишида парвозига билет олишган.
Лекин Red Wings авиакомпанияси парвозни дастлаб 6 октябрь соат 23:00га, кейинроқ эса 8 октябрь куни соат 01:15га кўчирилган. Мазкур вақт оралиғида чипта олган юртдошларимизга овқат ва турар жой тақдим этилмаган ва улар ПЦР тестини қайта янгилашга мажбур бўлган.
"Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан авиакомпания ходимлари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ваколатли ташкилотларга мурожаат этилди", - дейилган хабарда.
Маълумот учун, Россия қонунчилигига кўра, парвоз кечиктирилган ҳолда авиакомпания йўловчиларга қуйидагиларни бепул тақдим этиши керак:
керакли аэрпорт хизматлари;
2 соат кутишдан сўнг - ичимликлар;
4 соат кутишдан сўнг - иссиқ овқат;
кундузи 8 соатдан сўнг, тунда 6 соатдан сўнг - меҳмонхона ва унга етиб бориш учун транспорт;
ёки кутишнинг ҳар бир соати учун 25 рублдан компенсация (билет нархининг ярмигача).
Ундан ташқари йўловчилар билетдан воз кечиб бошқа авиакомпания парвози билан учиб кетиш ҳуқуқига ҳам эга.